Буюк қалб эгаси
Устоз деганда, ҳар қайси инсон кўнглида чуқур ҳурмат – эҳтиром ва чексиз миннатдорлик туйғулари, шу билан бирга, ҳеч қандай бойлик билан ўлчаб ва адо қилиб бўлмайдиган қарздорлик ҳисси пайдо бўлади.
Устозларимиз ўгити, кексаларимиз панд-насиҳатларига амал қилиб борсак, асло кам бўлмаймиз. Бу билан устоз ва мураббийларимиз олдидаги илк бурчимизни адо этган бўламиз. Инсон, аввало, унга билим ва маърифат дунёси сари йўл очиб берган, унинг қалбига юксак инсоний фазилатлар ҳиссини сингдириш йўлида заҳмат чеккан устоз ва мураббийларига нисбатан кўнглида ҳамиша миннатдорлик туйғуси билан яшайди.
Шу боисдан ТТА 1-сон оилавий шифокорликда ички касалликлар кафедраси жамоаси томонидан улуғ устозларимизни ёдга олдик…
Тақдир бизни том маънодаги саховатли инсон – тиббиёт фанлари номзоди, доцент Бердингер Маргарита Николаевна билан учраштирди. Биз уларни ўз устозимиз деб биламиз, чунки улар бизга нафақат тиббиётдан, балки инсонийлик, хамкасблар ва беморлар билан муомала қилиш, хар кандай вазиятда ўзликни йўқотмаслик, инсонлар қалбига йўл топиш сабоқларини бердилар. Улар етук олима ва амалиётчи сифатида ички касалликлар бўйича илмий -амалий ўзига хос мактабни ташкил қилган. Бердингер Маргарита Николаевна 1938 йил 18 июнда Тошкент шахрида дунёга келди.1955 йил мактабни тамомлаб, Самарканд тиббиёт институтига ўқишга кирди. 1961 йилда Самарканд давлат тиббиёт институтини тугатган. 1961-1966 йилда Жиззах шаҳар шифохонаси поликлиникаси терапевти 1966-1968 йил Жиззах шаҳар шифохонаси терапия бўлим бошлиғи, 1968-1969 йил Жиззах шаҳар шифохонаси, шахар поликлиникаси бўлим бошлиғи, 1969-1974 йил Соғлиқни сақлаш вазирлиги Клиник касалхонаси врач кардиологи, 1974-1983 йил Тошкент давлат тиббиёт институти даволаш факультети Госпитал терапия кафедраси ассистенти, 1983-1990 йил Тошкент давлат тиббиёт институти даволаш факультети Госпитал терапия кафедраси доценти, 1990-2005 йил Иккинчи Тошкент давлат тиббиёт институти даволаш факультети ички касалликлар №1 кафедраси доценти, 2005 – 2018 йилгача Тошкент тиббиёт академияси умумий амалиёт шифокори тайёрлаш ички касалликлар ва клиник аллергология кафедраси доценти булиб ишлаганлар. «Морфофункциональные изменения в миокарде при аллотрансплантации и иммунно-супрессивной терапии»мавзусида номзодлик диссертациясини химоя килганлар.
1984 йилдан бери шу институтда доцент лавозимида ишладилар. Йиллар давомида Тошкент тиббиёт академиясидаги барча олиб борилаётган ишларда Маргарита Николаевна фаол иштирок этдилар. Устозимизнинг дарс ўтиш жараёнларида ўзига хос жихатлари мавжуд, улар ҳар бир талаба руҳиятига алохида ёндошган холда дарс ўтадилар. Собик совет иттифоки даврида ички касалликлар фанидан малака ошириш ва олимпиадалар ташкил килинган. Маргарита Николаевнани шогирдлари олимпиадада 1 уринни эгаллашган,хозирда улар профессор Комилова Умида Кабировна, профессор Наргиза Латиповалар ва бошқалардир. Улар илм берган кўпчилик магистр шогирдлари хозирда чет элларда: нуфузли тиббиёт муассасаларида фаолият юритмоқдалар. Улар илмий анжуманларми, у спорт байрамларими, вилоятлар миқёсидаги тиббий кўрикларми, қўйинки, Тошкент тиббиёт академиясининг барча тадбирларида устозимизнинг доимий иштирокини кўриш мумкин. Юксак педогогик махорат билан ўқийдиган маърузалари туфайли, нафақат хамкасблари, балки, талабалар кўнглидан чуқур жой эгаллаганлар.
61 йил тиббиёт сохасида, 50 йил Тошкент Тиббиёт Институтида, 40 йил давомида кафедрада педагогик сохада фаолият олиб бордилар. Жиззахда “Дустлик”, “Пахтакор”, ”Гагарин” совхозларида беморларни кўриб уларни даволаганлар ва бу хизматлари учун СССРда соғлиқни сақлаш аълочиси, “Фидокорона мехнатлари” учун орденлар билан такдирланганлар. Талабалар, клиник ординаторлар, магистрлар, шифокорлар учун жами 30 та ўқув услубий қўлланмалар, рус ва ўзбек тилларида пулмонология йуналиши бўйича қўлланмалар тайёрладилар. Халқаро ва республика миқёсида 260дан ортиқ илмий ишлари нашр қилинди. Устозимиз доимий равишда ўз устиларида ишлаб, малакаларини ошириб бордилар, нафақат республика миқёсида, балки Москва ва Киевда, Ялтада бир неча марта малака оширдилар.
Устозимиз бошчилигида олиб бориладиган илмий изланишлар асосан нафас тизими касалликларини замонавий текшириш усуллари ёрдамида баҳолаш, коморбид холатларда даволаш мезонларига қаратилган. Маргарита Николаевна нафақат махаллий конференция ва анжуманларда балки халқаро миқёсда ўтказиладиган тадбирларда маърузалар билан фаол иштирок этганлар.
Маргарита Николаевна инсон саломатлигини сақлаш, беморлар дардига дармон бўлиш, умрига умр, ёшига ёш қўшиш каби буюк ишларни амалга ошириб келмоқдалар. Улар пулмонология, кардиология бўлимларида даволаш ишларини олиб борганлар. Санавиация бўйича республиканинг деярли барча вилоятларида оғир ва мураккаб беморларга ёрдам кўрсатганлар. Устозимиз улкан меҳнатлари учун фахрий ёрлиқлар билан ҳамда Ислом Абдуганиевич Каримов томонидан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари Ўзбекистонда яшаётган барча миллат ва элатларнинг вакиллари ўртасида дўстлик, ўзаро ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлаш ишида эришган катта ютуқлари, Ўзбекистон халқининг бошқа мамлакатлар халқлари билан дўстлик ва ҳар тарафлама ҳамкорлигини ривожлантирганликлари учун “Дустлик” ордени билан тақдирландилар. Устознинг ҳаёт йўли барчага намуна бўла оладиган ибрат мактабидир.
Тошкент тиббиёт академияси
1-сон оилавий тиббиётда ички касалликлар
кафедраси ходимлари